Кафедра тарихи

Ўзбекистонда фармакологиянинг ривожланиши

Ўзбекистонда фармакология соҳасига оид биринчи кафедра 1920 йилда Тошкент шаҳрида янги очилган Туркистон Давлат университети медицина факультети таркибида дастлаб фармакология, фармация ва фармакогнозия номи билан ташкил қилинган. Янги ташкил этилган кафедрага Россиянинг Санкт-Питербург шаҳридан сафарбар этилган профессор Иван Иванович Маркелов (1869-1944 йй.) 1920-1930 йиллар мобайнида мудирлик қилган. Кафедра ташкил этилган дастлабки йилларда ўқитувчиларнинг етишмаслиги сезилиб турган. Ўттизинчи йилларга қадар унда профессор И.И.Маркелов, ассистентлар Н.Н.Компанцев, К.И.Сиверская ва Л.Г.Меркуловлар ишлаган. 1930 йилда университетнинг медицина факультети мустақил бўлиб, Ўрта Осиё Давлат медицина институтига айлантирилган. Яна икки йилдан кейин, яъни 1932 йилда Тошкент медицина институти деб атала бошланган. Фармаколог кадрларни, айниқса маҳаллий халқ вакилларини, жадаллик билан тайёрлаш ўткир муоммога айланганлиги туфайли бу масала кўпроқ аспирантура йўли билан ҳал қилинган. Шунинг учун ҳам И.К.Комилов, М.Б.Султонов, Р.С.Соғатовлар кафедранинг биринчи аспирантлари бўлишган ва айни вақтда, ўқитувчилик фаолияти билан ҳам шуғилланишган.

1933 йилда кафедранинг мудири этиб Н.Н.Компанцев (1893-1984 йй.) тайинланган. У янги псорален препаратини В.З.Мазгутов билан ҳамкорликда амалиётга тадбиқ этган. Бу даврларда К.И.Сиверская (1938 й.), И.К.Комилов (1940 й.) ва М.Б.Султоновлар (1941 й.) номзодлик диссертацияларини дастлабки ёқлаган ходимлар бўлишган.

Улуғ Ватан уруши бошланиши билан кафедранинг бир гуруҳ ўқитувчилари (И.К.Комилов, М.Б.Султонов, Н.А.Камбулин) фронтга жўнатилган. Шунинг билан бирга собиқ Иттифоқнинг бошқа шаҳарларидан эвакуация қилинган фармакологлар – профессор В.В.Николаев (Москва ш.), доцент М.И.Ольшанский ва ассистент Е.А.Стегайлолар (Ростов ш.) кафедрада талабалар билан шуғулланишган. Булардан ташқари, Т.Ғ.Султонов, М.О.Орипов ва И.Ф.Фатхуллаевлар аспирант этиб тайинланишган.

Кейинчалик Р.С.Соғатов ва М.Б.Султоновлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги масъул ишларга жалб қилинишган, И.К.Комилов эса Ўлка медицина институти фармакология лабораториясига мудир этиб тайинланган. Кейин бу лаборатория ЎзФА Ўсимлик моддалари кимёси институти таркибига ўтказилган. Бу даврда Р.С.Соғатов (1944 й.), Н.А.Камбулин (1946 й.) ва Т.Ғ.Султоновлар (1949 й.) номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилишган эди.

Шундай қилиб, эллигинчи йилларнинг охирида кафедрада дарс бериш профессор Н.Н.Компанцев, доцентлар – Н.А.Камбулин, Т.Ғ.Султонов, ассистентлар – К.И.Сиверская, М.О.Орипов, И.Ф.Фатхуллаевлар томонидан амалга оширилган. Бироз вақт ўтиб, кафедрада В.З.Мазгутов, Т.Бойжонов ва Н.Т.Тўлагановлар ўқитувчилик қила бошлашган. Н.Г.Бабаева ва Д.Е. Туниянцлар аспирантурага қабул қилинган. Ленинградда фармакология бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаган Б.Р.Хўжаев ассистентлар қаторидан жой олган. Кейинроқ В.З.Мазгутов (1967 й.), Н.Г.Бабаева (1967 й.) ва Д.Е. Туниянц (1971 й.) номзодлик даражасини ҳимоя қилишган. Кафедрада ишлаб, Қирғизистон медицина институтига ишга ўтган Е.А.Стегайло 1962 й. докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Шу йиллар мобайнида кафедра жамоасига Ўсимлик моддалари кимёси институти фармакология лабораториясида фаолият олиб бораётган т.ф.д. Ў.Б.Зокиров, тиббиёт фанлари номзодлари Қ.Н.Наджимутдинов, М.М. Азимов, К.А.Жўраева, М.А.Мағрупова, Н.А.Эшмуҳамедов, Н.В.Абдумаликова, Ш.С.Умарова, Ф.Т.Тошмуҳамедовалар келиб қўшилишган. С.М. Вишневецкая ва Ш.Х.Хусановлар аспирантурага киришган.

1969 йилнинг сентабр ойидан профессор Н.Н.Компанцев профессор-маслаҳатчи лавозимида ишлай бошлаган. Унинг ўрнига кафедра мудири этиб доцент И.К.Комилов (1909-1985 йй.) тайинланган.

1968 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган Ў.Б.Зокиров 1970 йилда кафедранинг профессори этиб сайланган. 1971 йилда И.К.Комилов ва 1974 йилда Қ.Н.Наджимутдинов докторлик диссертацияларини ёқлашган. 1971 йилда моҳир педагог доцент Н.А.Камбулин нафақага чиқиб, Краснодар шаҳрига кўчиб кетган. 1972 йилда М.М.Азимов доцент ва 1974 йилда Қ.Н.Наджимутдинов профессор лавозимларига ўтказилган.

1972 йилда Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё медицина педиатрия институтининг (САМПИ) очилиши муносабати билан унинг фармакология кафедрасини ташкил қилиш мақсадида ассистентлар В.З.Мазгутов ва Ф.Т. Тошмуҳамедовалар боришга розилик беришган. Кейинчалик мазкур даргоҳда Ўсимлик моддалари кимёси институти фармакология лабораториясида фаолият олиб борган буюк ўзбек аёл фармакологи, профессор С.С.Азизова (1934-2014 йй.) самарали фаолият олиб борган.

Етмишинчи йилларнинг ўрталарига келиб, Ш.М.Музрабеков (1974 й.), З.З.Ҳакимов (1975 й.) ва Р.Ғ.Ғаниева (1975 й.) номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилишган.

1978 йилда профессор И.К.Комилов кафедра мудирлигидан профессор-маслаҳатчи лавозимига ўтказилган. Унга танлов орқали мудир қилиб профессор Ў.Б.Зокиров (1934 й.т.) сайланган.

1982 йилда кафедра ходимларининг бир қисми (профессор Қ.Н. Наджимутдинов, доцент Н.Г.Бабаева, ассистентлар Н.А.Эшмуҳамедов ва Ш.М. Муз-рабековлар) янги ташкил қилинган клиник фармакология кафедрасига ўтиб ишлаб бошлашган ва унинг кафедра мудири қилиб профессор Қ.Н. Наджимутдинов (1931-2003 йй.) тайинланган.

1980-1990 йиллар мобайнида Е.Д.Баженова (изланувчи), С.М. Вишневецкая, Ш.Х.Хусанов, Е.А.Волохвянский, Л.С.Князева, А.Ж.Жўраев (изланувчи), С.З.Миртурсунова (ЎзФА Физиология институти), Д.П.Ким (ЎзФА Ўлка медицина институти), Ш.Ж.Нурмуҳамедова, Б.Ш.Шоисломов, И.У. Узоқов, М.Толипова (изланувчи), М.Т.Алимова (изланувчи), Д.Ё.Тешабоев, А.Т.Никбаев, Ш.М.Махсумов, М.А.Шокирова, Е.В.Окунская, А.Х.Хожиев (изланувчи), Б.Ш.Холтаев номзодлик диссертацияларини, Э.Балдандорж (Мўғилистон), З.Солихўжаев (ТашФармИ) ва М.М.Азимовлар докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлашди.

Профессор Ў.Б.Зокировнинг Тошкент фармацевтика институтига ректор этиб тайинланиши муносабати билан 1985-1988 йиллар мобайнида кафедрага мудир қилиб доцент М.М.Азимов (1935 й.т.) сайланган эди. Ў.Б.Зокиров ўриндошлик асосида ушбу кафедрада профессорлик лавозимида илмий-педагогик фаолиятини давом эттирган. 1988 йилдан бошлаб профессор Ў.Б.Зокиров кафедрага яна мудирлик қилган. Бу вақтларда кафедрага бир қатор янги ходимлар – Д.Н.Қаршиев, С.Р.Исмоилов, Ҳ.Х.Пўлатов, Б.У. Ибрагимхўжаев ва Р.К.Ғуломовалар келиб қўшилишган.

1990 йилда ТошДавМИ иккита мустақил 1-ДошДавТИ ва 2-ТошДавТИ га ажраладиган бўлганлиги туфайли кафедра ходимлари ҳам икки гуруҳни ташкил қилишган.

2-ТошДавТИ фармакология кафедрасида ишлашга розилик берган ўқитувчилар орасида мудир этиб тайинланган тиббиёт фанлари доктори, доцент М.М. Азимов, доцент Ш.М. Махсумов, ассистентлар т.ф.н. Ш.С. Умарова, т.ф.н. Ш.Д.Ражапова (Нурмуҳамедова), т.ф.н. О.А.Зайцева ва С.Р. Исмоиловлар бор эди. Уларга тиббиёт фанлари докторлари С.Ф.Фахрутдинов (Тошкент педиатрия тиббиёт институти фармакология кафедрасида ишлаган) ва З.З.Ҳакимовлар (2-ТошДавТИ МИТЛнинг мудири, ўриндошлик асосида) қўшилиб, аввал доцент, кейин профессор бўлиб ишлашган.

1-ТошДавТИ фармакология кафедрасида профессор Ў.Б.Зокиров (мудир), доцентлар – К.А.Жўраева, Б.Ш.Шоисломав, Д.Ё.Тешабоев, катта ўқитувчилар – т.ф.н. Н.В. Абдумаликова, т.ф.н. М.А.Шокирова, ассистентлар – т.ф.н. М.О.Мамажонова, т.ф.н. М.Ю.Чирко, т.ф.н. А.И.Маҳкамов, Ҳ.Х. Пўлатов, Р.К.Ғуломова, аспирант – Д.Н.Қаршиев, стажер-тадқиқотчи – К.М. Яфасов ишлашни давом этдиришган. Тиббиёт фанлари номзодлари Е.А. Волохвянский, Б.Ш.Холтаев, Б.У.Ибрагимхўжаевлар амалий ишга ўтиб кетишди. 1992 йилда кафедрага Т.Б.Мустанов ассистент қилиб юборилди.

1990-2000 йилларда ушбу кафедраларнинг ходимлари бўлган Х.А. Беридзе, А.И.Маҳкамов, Қ.Шукурлаев, Р.И.Азимов, О.А.Зайцева, М.Ю.Чирко, М.О.Мамажонова, Н.Х. Цинцадзе, Д.Н.Қаршиев, Ҳ.Х.Пўлатов, С.Р.Исмоилов, У.И.Ҳакимова, К.М.Яфасов, Т.Б.Мустанов, С.Р.Абдуллаевлар номзодлик диссертацияларини, А.Т.Никбаев, Б.Ш.Шоисломов ва Д.Ё.Тешабоевлар эса докторлик диссертацияларини ёқлашди. Булардан ташқари, кафедра бошчилигида бошқа институтларнинг ходимлари Қ.Шукурлаев, Н.Шильцова (иккаласи ТашФармИ), Г.Узоқова, З.Алимуҳамедова (иккаласи ЎзР ССВ Физиотерапия ИТИ), Ў.Исмоилов, Б.Бекчанов (иккаласи Урганч Давлат университетининг тиббиёт маркази), А.А.Абдумажидов (ТошПМИ), Г.С.Омонова (1-ТошДавТИ Урганч филиали), Ш.А.Султонова (АндДавТИ) номзодлик диссертацияларини, О.М.Рянская (ТошПМИ), Т.Д.Ғуломов (ЎзР ССВ физиотерапия ИТИ), А.Х.Абдуллаев (1-ТошДавТИ ички касалликлар пропедевтика кафедраси), Д.Н.Қаршиев (СамДавТИ) докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишди.

Улардан Х.А.Беридзе Туркия университетларининг бирида, Н.Х. Цинцадзе Грузиянинг Аджария автоном республикаси тиббиёт институтида фармакология кафедрасига ишга ўтиб кетишди. Д.Н.Қаршиев СамДавТИ фармакология кафедрасига, С.Р.Исмоилов 1-ТошДавТИ Урганч филиали фармакология ва клиник фармакология кафедрасига, Қ.Шукурлаев шу даргоҳдаги нормал физиология ва биофизика кафедрасига, О.М.Рянская ва А.А. Абдумажидовлар (олдинма кейин) ТошПМИ нормал физиология кафедрасига мудирлик қилишди. А.И.Маҳкамов БухДавТИда клиник фармакология соҳасини бошқарди, Р.И.Азимов ва Ҳ.Х.Пўлатовлар 2-ТошДавТИ га ишга ўтишди, Ш.А.Султонова ва К.М.Яфасовлар шифокорлик билан шуғулланишга ўтиб кетишди.

1998 йилда профессор М.М.Азимов 2-ТошДавТИ фармакология кафедраси мудирлигини профессор З.З.Ҳакимовга (1947 й.т.) топширди. Мазкур кафедрада профессор З.З.Ҳакимов (мудир), профессор М.М. Азимов, профессор С.Ф. Фахрутдинов, доцент О.А.Зайцева, катта ўқитувчи Ш.Ж.Ражапова, ассистентлар Л.А.Пайзиева, И.В.Цой, Л.И.Алимуҳамедова, Г.М.Аҳмедова, Д.А.Ғофурова, Н.С.Нурмуҳамедова ва катта лаборантлар Д.У.Эшмуҳамедова, Н.А. Худойбергенова, аспирант А.Р. Каримовалар бор эди. Булардан ташқари, кафедрада қисқа вақт дарс берган профессор А.Ҳ.Раҳмонов (2002-2003 йй.), Г.Э.Саид (2001-2003 йй.), Э.Б.Носирова (2002- 2004 йй.), Я.М.Хаитов (2003-2004 йй.) ва А.Р.Исоқжонова (2004-2005 йй.) ҳам даволаш, тиббий-педогогика ва тиббий-профилактика факультетларининг талабалари билан шуғулланишди.

2005 йилнинг июл ойида 1-ва 2-ТошДавТИ лари қайтадан бирлаштирилиб, Тошкент тиббиёт академиясига айлантирилган эди. Шу муносабат билан ўша иккита институтнинг фармакология кафедралари яна қўшилиб, ягона жамоа қилинди ва унга мудир этиб профессор З.З.Ҳакимов тайинланди.

2007 йилда профессор З.З.Ҳакимов Тошкент тиббиёт академияси Ички назорат инспекцияси ва мониторинг бўлимидаги ишларнинг оғирлигини назарга олиб, асосий эътиборни унга қаратиш лозимлиги учун кафедра мудирлигини топшириб, профессор лавозимида қолиш истагини билдирди. Шу сабабли 2007 йилнинг сентабр ойидан бошлаб, кафедрага мудирлик қилиш (ўриндошлик асосида) профессор Б.Ш.Шоисломов (1953 й.т.) зиммасига юкланди.

2009-2010 ўқув йилида кафедрада профессор Б.Ш.Шоисломов (мудир), профессор З.З.Ҳакимов, доцентлар Ш.М.Махсумов, Т.Б.Мустонов, О.А. Зайцева, М.Ю.Чирко, Л.К.Ёқубова, катта ўқитувчилар М.О.Мамажонова, Л.А. Пайзиева, ассистент Л.И.Алимуҳамедова, докторант З.Файзиева, аспирант С.С.Маҳмудов, катта лаборант Ш.Ж.Ражапова, стажёр-тадқиқотчи И.В.Цой ишлашди. Профессорлар Ў.Б.Зокиров ва М.М.Азимовлар 2008 йилда узоқ давом этган педагогик фаолиятини тугаллашди. Академияга қарашли Урганч филиалининг ходимлари – доцентлар С.Р.Исмоилов (2005 й.) ва Қ. Шукурлаевлар (2007 й.) докторлик диссертацияларини ёқлашди.  Кейинги йилларда  профессор М.Ж.Аллаева (мудир), профессор З.З.Ҳакимов, профессор Б.Ш.Шоисламов, доцентлар Ш.М.Махсумов, Т.Б.Мустонов, О.А. Зайцева,  катта ўқитувчи М.А.Мамажонова, ассистентлар Д.Д.Ачилов, Х.И.Худойбердиев, О.О.Аскаровлар фаолият олиб боришмоқда.

Ҳозирги кунгача Ўзбекистонда фармакология соҳасида 20 дан ортиқ фан докторлари, 100 дан ортиқ фан номзодлари етишиб чиққан. Олимларнинг изланишлари натижасида бир неча янги моддалар тиббиёт амалиётига тадбиқ этилди ва улар самарали қўлланилибкелинмокда.

Мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртларидаги фармакология кафедралари, қатор илмий-текшириш лабораторияларининг ходимлари, олимлар, кимё-фармацевтика саноати ходимларининг саҳоватли меҳнати туфайли Ўзбекистонда фармакология фани кундан-кунга ривожланиб бормокда.